Иқтисодиёт ва саноат вазирининг
2019 йил “25 “февралдаги 17-сон
буйруғига 1-илова

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таркибидаги ходимларнинг Малака ошириш ўқув маркази
         Н И З О М И
1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) таркибидаги Ходимларнинг малакасини ошириш ўқув маркази (кейинги ўринларда Ўқув маркази деб юритилади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.

Ўқув маркази Низоми Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 5 январдаги “Узлуксиз таълим тизими учун давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тўғрисида”ги 5-сон қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган “Таълим муассасалари уставини ишлаб чиқиш тартиби”га мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси қоидаларига ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг 4.6-бандига асосланади.

2. Ўқув маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
10 январдаги “Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5621-сонли Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4105 -сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган.

3. Ўқув маркази Вазирлик тизими кадрларини, шунингдек бошқа ташкилотлар мутахассисларини ижтимоий-иқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш масалалари бўйича малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни таъминловчи Институт таркибидаги давлат таълим (муассасаси) маркази ҳисобланади.

4. Ўқув маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек Вазирлик ва Институтнинг қарорлари, буйруқлари бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига ва мазкур Низомга амал қилади.

5. Кадрларнинг малакасини ошириш тизими фаолиятининг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат: тизимлилик, изчиллик, илмий ва амалий асосланганлик, таълимнинг иқтисодиёт соҳасидаги амалий фаолияти билан уйғунлиги, инновацион таълим тенологияларини қўллаш.

6. Ўқув маркази иш фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
Институтга ажратилган давлат буюртмаси асосида тизим мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш учун ажратиладиган бюджет маблағлари;

корхона ва ташкилотлар билан тўлов-шартнома асосида иқтисодиёт ва саноат йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан тушадиган тушумлар;

Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш учун ажратиладиган вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг қайта тайёрлаш ва малка оширишга ажратадиган грантлари ва техник кўмаклари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

Ўқув марказида малака оширишга юборилган тингловчиларнинг хизмат сафари, суткалик ва яшаш учун харажатлари уларни юборган ташкилотлар томонидан молиялаштирилади.

7. Ўқув марказининг номи:

давлат тилида – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таркибидаги Ходимларнинг малака ошириш ўқув маркази;

рус тилида – Учебный центр повышения квалификации работников в составе Института прогнозирования и макроэконмических исследований при Министерстве экономике и промышленности;

инглиз тилида – Training Center for Professional Development under the Institute of Forecasting and Macroeconomic Research under the Ministry of Economy and Industry of the Republic of Uzbekistan.

8. Ўқув марказининг жойлашган манзили: Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани. Мавороуннахр кўчаси, 1 уй.

2-боб. Ўқув марказининг мақсади, вазифалари ва фаолиятининг
асосий йўналишлари

9. Вазирлик тизими мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни тизимли ва самарали ташкил қилиш, ўқитиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш Марказ фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.

10. Қуйидагилар Ўқув марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Вазирлик тизими мутахассисларининг, иқтисодиёт ва саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиёт ва саноат соҳасидаги касбий билимларини, маҳорат ва кўникмаларини мунтазам янгилаш ва чуқурлаштириш, уларнинг малакасини ошириш, шунингдек янги ишга қабул қилинган ва базавий маълумоти ийтисодиёт йўналиши бўлмаган ходимларни касбий қайта тайёрлаш;
мутахассисларнинг иқтисодиёт соҳасидаги энг янги илғор хорижий ва миллий тажрибалар тўғрисида билимлар, шунингдек ахборот-коммуникация технологиялари-дан фойдаланиш бўйича кўникмалар олишга бўлган талабларини қондириш;
тингловчилар томонидан ҳодиса ва жараёнларни ижтимоий-иқтисодий таҳлил қилиш услублари ва ёндошишларнинг, жумладан мустақил амалий топшириқларни бажариш орқали, ўзлаштирилишини таъминлаш;

таълим бериш жараёнини такомиллаштириш, иқтисодиёт назарияси ва амалиётга янгича ёндашишлар тўғрисидаги тематик ўқув қўлланмаларни, ўқув ва методик адабиётларни ишлаб чиқиш ва тарқатиш, курсларни ўзлаштириш бўйича назарий ва амалий назорат тадбирларини ишлаб чиқиш ва ўтказиш;

иқтисодиёт масалалари бўйича маҳаллий ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш;
бошқа соҳа мутахассисларининг иқтисодиётга оид билимларини ошириш бўйича шартнома асосида ўқишлар ташкил этиш;

мавжуд ўқув-услубий, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, ўқув жараёнига иқтисодиёт соҳасидаги мутахассисларни сифат жиҳатдан янги даражада тайёрлашни таъминловчи, ўқитишнинг замонавий техник воситаларини, педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш.

3-боб. Ўқув марказининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

11. Ўқув маркази асосий мақсадларини ва вазифаларини амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш йиллик дастури лойиҳасини, тематик курслар бўйича ўқишлар жадвалини, шунингдек Ўқув маркази фаолиятини молиялаштириш ҳажми бўйича асосланган ҳисоб-китобларни Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг тегишли департамент ва бошқармалари билан келишилган ҳолда тайёрлаш ва Вазирликка тасдиқлаш учун киритиш;

ўқув курсларига ўқитувчиларни танлаб олишни амалга ошириш, ўқитиш жараёнига Вазирликнинг, бошқа иқтисодий идораларнинг, илмий ва халқаро статистика ташкилотларининг юқори малакали мутахассисларини жалб қилиш;

иқтисодиёт соҳасида ўқув-услубий ишлар, дарсликлар, илмий мақолалар тўпламлари, ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш ва тарқатиш;

Вазирлик аппарати ва Институт бўлинмаларида тингловчиларнинг амалиёт машғулотларини ўтказиш;

тингловчиларнинг олган билимларини назорат қилиш ва ўқишни тугатган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат бериш;

мутахассисларни ўқув курсларига юборган иқтисодиёт ташкилотлари раҳбарларини, ўқитиш самарадорлиги ва тингловчиларнинг тест натижалари тўғрисида хабардор қилиш;

иқтисодиёт масалалари бўйича конференциялар, семинарлар, ўқув курсларини, жумладан халқаро миқёсда, ташкил қилиш ва иштирок этиш;

шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга ўқув ва консалтинг хизматлари кўрсатиш, тижорат асосида хўжалик шартномалари бўйича иқтисодий- ижтимоий таҳлилни, прогнозлаштиришни ва соҳа мавзуси бўйича бошқа ишларни амалга ошириш;

Вазирлик ва Институт билан келишилган ҳолда, алоҳида вазифаларни бажариш учун функционал бўлинмалар ташкил қилиш ва ушбу мақсадларга шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларни жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва мазкур Низом талабларига зид бўлмаган, Ўқув маркази ваколатига кирувчи бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

12. Ўқув маркази, зарурат бўлганда, бошқа давлат органлари ва идоралар билан бирга ҳамкорликда ҳужжатлар тузиши, қабул қилиши мумкин.

13. Ўқув маркази ва унинг мансабдор шахслари уларга юкланган вазифалар
ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.

Ўқув марказининг мансабдор шахслари ҳаракатлари устидан шикоят қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

14. Ўқув маркази ходимлари Ўқув маркази фаолиятига тегишли Ўзбекистон Республикаси Қонунлари талабларини бузганлик, Ўқув маркази ички тартибини бузганлик ва ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлик, ўқув жараёнларини давлат талабларига мувофиқ бажармаганлик ва ҳуқуққа зид қилмишларга кўмаклашганлик учун қонунга асосан жавоб беради.

4-боб. Тингловчилар

15. Ўқув марказига қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун келадиган иқтисодиёт ва саноат тизими мутахассислари Вазирлик томонидан тасдиқланадиган иқтисодиёт ва саноат тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) ва уларни ўтказиш жадвалига мувофиқ ўқув курсларига қабул қилинадилар.

Дастур ва жадвал асосида ўқув курсларининг номи, муддати ва ўқув курсларига жалб қилинадиган тингловчилар контингенти кўрсатилган ва Вазирлик раҳбарияти томонидан имзоланган чақирув хати, тизим ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, ҳудудий иқтисодиёт бош бошқармалари томонидан ўқув курсларига тингловчиларни юбориш ҳамда уларни Ўқув маркази томонидан ўқув курсларига қабул қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

16. Ўқув курсларига келган тингловчилар ўқиш даврида яшашлари учун қулай бўлган Тошкент шаҳар меҳмонхоналарида сафар харажатлари ҳисобидан жойлашадилар.

17. Тингловчилар Ўқув марказининг ички тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишга мажбурдирлар. Ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган тингловчилар тегишли тартибда ўқув курсларидан четлатилади.

18. Тингловчилар ўқиш даврида Институтнинг Ахборот-ресурс марказидаги мавжуд адабиётларидан, Интернет тармоғидан, ўқув курсларининг маъруза матнларидан фойдаланишлари мумкин.

19. Тингловчилар ўқув курси давомида, ўқишдан ташқари вақтларда тегишли гуруҳ раҳбари томонидан ташкил этиладиган маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этадилар.

5-боб. Ўқув жараёни ва ўқув-методик ишларни ташкил қилиш

20. Ўқув жараёни, Ўқув маркази таълим фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг замонавий талаблари, иқтисодиёт фани ва унинг ютуқлари ҳамда иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ва ҳар йили Вазирлик томонидан тасдиқланадиган Дастурга мувофиқ ҳамда тизим мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига жавоб берадиган ўқув-тематик режалар ва ишчи ўқув дастурлари асосида ташкил қилинади ва амалга оширилади.

Йиллик Дастурга киритилган ўқув курсларининг мавзулари ва ўтказиш муддатлари, тизим ходимлари томонидан иқтисодиёт соҳасида белгиланган дастурлар вазифаларини бажарилиш салмоғи, мавсумийлиги ва интенсивлигини ҳисобга олиб, Вазирлик билан келишилган ҳолда, Институт Илмий кенгашининг тавсияси орқали шакллантирилади.

Ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий шакллари ва услубларидан, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларидан фойдаланилади.

21. Ўқув марказининг ўқув дастурлари Вазирлик тизими ташкилотлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари ва иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига асосан ишлаб чиқилади.

Ўқув режасини бажариш Ўқув марказининг профессор-ўқитувчилари томонидан, алоҳида ҳолларда ўриндошларни ёки шартнома асосида бошқа ўқитувчиларни, шунингдек юқори малакали мутахассис-амалиётчиларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

22. Ўқув марказида тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш кундузги ўқиш шаклида, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олиб борилади. Ўқитиш давлат тилида олиб борилади. Ўқитиш, зарур ҳолларда рус тилида ҳам олиб борилиши мумкин.

23. Ўқув марказига ўқишга юбориладиган мутахассислар касбий йўналиши бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда ўқитилади, уларнинг ўқиш вақти ва муддати Институт ва Вазирликнинг департаментлари, бошқармалари билан келишилган ҳолда Ўқув маркази томонидан тайёрланган ҳамда Вазирлик томонидан тасдиқланган Дастур ва Вазирлик билан келишилган режа-жадвалларга мувофиқ белгиланади.

Ўқишга юбориладиган ходимларнинг Ўқув марказига етиб келиши тақсимот-режаларга асосан ҳудудий иқтисодиёт бош бошқармалари ва тизимнинг бошқа ташкилотлари томонидан таъминланади.

24. Вазирлик тизими мутахассисларини Ўқув марказида тингловчиликка қабул қилиш, уларнинг йўлланмалари асосида, Ўқув маркази директорининг буйруғи билан амалга оширилади.

25. Марказда тингловчиларни ўқитиш:

малака ошириш курсларида – бир ҳафтадан уч ҳафтагача;
қайта тайёрлаш курсларида – тўрт ой ва ундан ортиқ бўлиши мумкин.

Малака ошириш қуйидагилар учун мажбурийдир:
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири ва унинг ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт бош бошқармалари бошлиқлари, бошлиқ ўринбосарлари ҳамда Вазирликнинг бошқа ташкилотлари раҳбарлари учун – йилда бир марта;

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва саноат бош бошқармалари ҳамда тизимнинг бошқа ташкилотлари бўлим бошлиқлари, бўлим бошлиғи ўринбосарлари, бош, етакчи
ва 1-тоифали мутахассислари учун – икки йилда камида бир марта;

туман ва шаҳар иқтисодиёт ва саноат бўлимлари бошлиқлари ва ходимлари учун – икки йилда камида бир марта;

Вазирлик марказий аппарати ходимлари учун – икки йилда камида бир марта.

Қайта тайёрлаш қуйидагилар учун мажбурийдир:

иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тизимига ишга янги қабул қилинган ва базавий маълумоти иқтисодиёт йўналиши бўлмаган мутахассислар, тизимда ишлаш бўйича кўникма ва тажрибаси бўлмаган шахслар учун – ишга қабул қилинган кундан бошлаб уч ой ичида;

вазирлик тизимининг юқори бўлинмаларига ишга ўтаётган
ва базавий маълумоти иқтисодиёт йўналиши бўлмаган ходимлар учун – янги лавозимга қабул қилинган кундан бошлаб олти ой ичида.

26.Ўқув жараёнида ўқув машғулотлари маъруза, семинар, амалий, сайёр машғулотлар ва масофавий ўқитиш ҳамда мустақил таълим шаклида ташкил этилади.
Амалий машғулотлар тингловчиларда иқтисодий-ижтимоий жараёнлардаги муаммоли вазиятлар билан ишлаш бўйича малакасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Ўқув жараёнида дарс машғулотларини ташкил этишнинг амалиётга йўналтирилган замонавий шакллари — муаммоли вазиятларни ҳал этиш (кейс-стади), жамоада ишлаш («ақлий ҳужум» интерфаол услубини қўллаган ҳолда ва ҳ.к.), жойлардаги иқтисодий-ижтимоий вазиятни баҳолаш, таҳлил этиш, салоҳиятни аниқлаш ва амалий ишланмалар яратиш, кўникмаларини ривожлантириш машқлари ва бошқа интерфаол-тренинг усуллари қўлланилади.

27. Тингловчилар ўқиш даврида электрон шаклдаги ўқув-методик материаллар билан таъминланади.
Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник базага таянган ҳолда махсус ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилади.

28. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда махсус ўқув курсидан четлаштирилади:

ўз хоҳишига кўра;
касаллиги сабабли;
дарс машғулотларини сабабсиз 4 академик соатдан ортиқ қолдирганда;
ўқув режасидаги модулларни ўзлаштирмаганда;
Ўқув маркази ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузганда.

Тингловчилар дарс машғулотларини сабабсиз қолдирганлиги, ўқув дастуридаги модулларни ўзлаштирмаганлиги ёки Ўқув марказининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги сабабли тингловчилар сафидан чиқарилган тақдирда, мазкур тингловчи учун амалга оширилган тўлов миқдори қайтарилмайди.
29. Якуний синов тингловчининг назарий билими ва амалий кўникмаларини баҳолаш орқали икки хил шаклда амалга оширилади:

назарий билимлар – тест синови, оғзаки ёки ёзма шаклда;

амалий кўникмалар – лавозим вазифаларидан келиб чиқиб, иқтисодий-ижтимоий вазиятни баҳолаш, таҳлил этиш, салоҳиятни аниқлаш ва амалий ишланмалар яратиш кўникмалари натижалари бўйича.

30. Малака ошириш ўқув курслари тингловчиларининг билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш Ўқув марказида тегишли соҳаларнинг илғор мутахассислари орасидан тасдиқланадиган уч нафардан кам бўлмаган таркибдаги комиссия томонидан амалга оширилади.

Тингловчилар билими ва ўзлаштириш даражаси 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда назарий билим 30 балл, амалий кўникма 70 балл доирасида бўлиши лозим.

Тингловчи белгиланган максимал баллнинг 56 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаганда малака ошириш ўқув курсларини ўзлаштирган ҳисобланади.

31. Вазирлик тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини муваффақиятли равишда ўзлаштирган ҳамда таълим курси талабларини тўлиқ бажарган тингловчиларга Вазирлик томонидан (Давлат талабларида) белгиланган намунадаги сертификат (ёки диплом) берилади.

Ўқиш натижаларига кўра Ўқув маркази томонидан Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларига (сўровга асосан) тегишли лавозимларда ишлаш учун номзоднинг назарий ва амалий тайёргарлиги тўғрисидаги хулоса тақдим этилиши мумкин.

32. Ўқиш муддати мобайнида тингловчиларнинг асосий иш жойларидаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади. Республиканинг бошқа ҳудудларидан Ўқув марказига ўқишга келган тингловчиларга хизмат сафари харажатлари (ўқув харажатидан ташқари) ўқишга йўллаган ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда қопланади.

33. Ўқув марказида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатлари, Вазирлик тизими ходимлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тегишли тартибда қопланади.

34. Шартнома-тўлов асосида тингловчиларни ўқитиш муддати буюртмачи ташкилот ёки жисмоний шахс билан Ўқув маркази ўртасида тузиладиган шартнома асосида белгиланади.

Хўжалик ҳисобидаги шартномалар орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таҳсил олган тингловчиларни ўқитиш харажатлари, Ўқув маркази томонидан ишлаб чиқилган калькуляцияга мувофиқ тузилган шартнома асосида, буюртмачи томонидан Ўқув марказининг ҳисоб рақамига пул ўтказиш ёки банк кассалари орқали нақд пул топшириш йўли билан қопланади.

6-боб. Ўқув марказининг тузилмаси ва бошқарув органлари

35. Ўқув маркази тузилмаси 1-иловага мувофиқ кафедралар, ўқув-услубий бўлим ва бошқа таркибий бўлинмалардан ташкил топади.

36. Ўқув маркази фаолиятига Вазирлик билан келишилган ҳолда Институт директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.

Вазирлик билан келишилган ҳолда Институт директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган Ўқув-услубий бўлим бошлиғи– Ўқув маркази директорининг ўринбосари ҳисобланади.

37. Ўқув маркази директори:

Ўқув маркази фаолиятига раҳбарлик қилади;

кафедралар ва Ўқув марказининг бошқа таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Вазирлик ва Институт билан келишилган ҳолда, Ўқув марказининг штат жадвалини тузади ва Институт директорига тасдиқлаш учун тақдим этади;

Ўқув маркази ходимларига нисбатан малака талабларини белгилайди;

Ўқув маркази ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш
ва лавозимидан озод қилиш бўйича Институт директорига таклиф киритади;

ўқув машғулотларига қатнашмаётган ёки ички тартиб-қоидаларни бузган тингловчиларни машғулотлардан четлаштиради, бу ҳақда тингловчининг иш жойига ва Вазирликка маълумот юборади;

Вазирлик ва Институт томонидан ажратилган молиявий ва моддий-техника ресурсларини Ўқув маркази фаолиятига йўналтиради;

Ўқув маркази ихтиёрида қоладиган фойда ва бошқа тушумлардан ходимларга юқори малакаси учун устамалар белгилаш, шунингдек ходимларнинг касб маҳоратини, ўз лавозим вазифаларини сифатли бажарганлигини рағбатлантириш учун ҳамда қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш бўйича Институт директорига таклифлар киритади;

ўз ваколати доирасида Ўқув маркази ходимлари ва тингловчилар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқларни чиқаради;

Ўқув марказига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича амалдаги қонунчилик доирасида зарур чора-тадбирлар кўради;

Ўқув маркази номидан ишонч қоғози орқали иш тутади, унинг манфаатларини ифодалайди, қонунчилик ва мазкур Низомга мувофиқ Ўқув маркази мол-мулкини бошқаради.

38. Ўқув марказининг профессор-ўқитувчилар таркибига кафедра мудирлари, доцентлар, катта ўқитувчилар ва меҳнат келишувига асосан таклиф этиладиган соатбай ўқитувчилар киради.

Ўқув жараёнида иштирок этиш учун, шунингдек Вазирлик аппаратининг, бошқа иқтисодий идоралар, илмий ва ўқув муассасаларининг юқори малакали мутахассислари ўриндошлик ёки соатбай ҳақ тўлаш асосида жалб қилинади.

39. Институт Илмий кенгаши таркибига Ўқув маркази директори, унинг ўринбосари ва кафедра мудирлари киришлари мумкин.
Кенгашга қуйидагилар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқиш учун киритилади:
ўқув жараёнларини амалга ошириш;
иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тизими кадрлари малакасини ошириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари
ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
ва фармойишларида, Вазирликнинг буйруқ ва қарорларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Ўқув маркази раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Илмий кенгаш фаолиятининг тартиби Институт Илмий кенгаши томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.

Илмий кенгаш қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади ва улар тавсия хусусиятига эга.

7-боб. Ўқув марказини молиялаштириш ва моддий-техника таъминоти

40. Ўқув маркази мол-мулкини асосий воситалар ва айланма маблағлар, шунингдек қиймати Ўқув марказининг жавобгарлигида бўлган бошқа бойликлар ташкил этади.

41. Ўқув маркази фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Вазирлик тизими ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурини шунингдек Вазирлик ёки Институт томонидан белгиланган иқтисодиёт соҳасидаги тадқиқотларининг бажарилишини молиялаштириш ва моддий-техника таъминоти, Малака ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларини бажаришга ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;

давлат илмий-техникавий дастурлари рўйхатига киритилган илмий дастурларни мақсадли молиялаштириш, танлов асосида бажариладиган ишлар учун ажратиладиган маблағлар;

Ўқув марказининг бошқа ишлари ва хизматлари бўйича шартнома асосида буюртмачилар маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

42. Ўқув марказининг директори, унинг ўринбосари ва ходимларга ҳақ тўлаш миқдорлари Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги шартларига мувофиқ тариф ставкалари белгиланади.

43. Ўқув маркази томонидан олинган фойда, амортизация ажратмалари, шунингдек бошқа тушумлар Институт ихтиёрида қолади ҳамда улардан Ўқув маркази моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш, ходимларнинг касб маҳоратини, ўз лавозим вазифаларини сифатли бажарганлигини, ижодий фаоллигини ва ташаббускорлигини рағбатлантириш учун белгиланган тартибда фойдаланилади.

44. Ўқув маркази ўз фаолиятини ҳар йили Вазирлик томонидан тасдиқланадиган Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тизими ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурига, ишлар ва хизматлардан фойдаланувчилар билан тузилган шартномаларга мувофиқ ташкил қилади.
45. Ўқув маркази ўз ишлари натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини Институтнинг бухгалтерия ҳисоби бўлими орқали амалга оширади.

8-боб. Ўқув марказининг халқаро алоқалари

46. Ўқув маркази Вазирлик тизими ходимларини қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузиш, тегишли халқаро ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро манфаатли асосда илмий ахборотлар алмашиш ишларини йўлга қўяди, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро алоқаларни амалга оширади.

Ўқув маркази ходимларнинг тажриба орттиришини, Вазирлик ва Институт раҳбарияти билан келишилган ҳолда, етакчи хорижий илмий ва ўқув марказларида, халқаро ташкилотларда ташкил этиши мумкин.

47. Ўқув марказида чет эл фуқароларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, Ўқув маркази профессор-ўқитувчиларининг хорижий давлатлардаги ўқув ва илмий-тадқиқот ишлари ҳамда тажриба орттириши халқаро шартномалар, давлат органлари ўртасида тузилган битимлар асосида амалга оширилади.

9-боб. Якунловчи қоидалар

48. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш давлат ташкилотлари учун қонунчиликда белгиланган тартибда, Вазирлик ва Институт томонидан тузиладиган тугатиш комиссияси томонидан тегишли тартибда амалга оширилади.