Латвия делегацияси Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик қилади




“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида  Латвия  фанлар академияси ҳузуридаги Иқтисодиёт институти  вакиллари Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти раҳбарияти билан учрашди.

Меҳмонларга Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган устувор вазифалар, қашшоқликни камайтириш ва  аҳоли фаровонлигини ошириш билан боғлиқ давлат сиёсатининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бунда ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллалар даражасини кўтариш  борасидаги саъй-ҳаракатларнинг устуворлигига алоҳида эътибор қаратилди.

–Учрашувда ҳар икки илм даргоҳининг асосий йўналишлари ўхшаш эканига гувоҳ бўлдик, – дейди Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директор ўринбосари Т.Аҳмедов.– Хусусан, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий ўсишга эришиш, минтақаларни комплекс ривожлантириш  каби  лойҳалар уларда ҳам мавжуд экан. Шу боис  ана шу йўналишларда инновацион лойиҳаларни қўллаш, халқаро грантлар доирасида тадқиқотларолиб боришга келишиб олдик.

Латвия делегацияси аъзолари Марказий ва Жанубий Осиё макроминтақасида транспорт, логистика, инфратузилма, технологик ва гуманитар алоқадорликнинг истиқболларига бағишланган конференция доирасида Ўзбекистондан ҳамкорлар топишга умид қилишаётганини таъкидлашди.  

–Инвестициялар, транспорт, “яшил” технологиялар, ахборот технологиялари, таълим, инновациялар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон билан ҳамкорлик биз учун жуда муҳим, –дейди Латвия  фанлар академияси ҳузуридаги Иқтисодиёт институти директори Нина Линде. –    Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар коронавирус пандемиясининг оғир оқибатларини бартараф этиш, қашшоқлик ва иқтисодий ўсишни камайтириш борасидаги ёндашувлар инновацион мазмунга эга. Мамлакатнинг бундай ютуқларга эришишида албатта, илмий тадқиқотларнинг алоҳида ўрни бор.

 Учрашув сўнггида томонлар  ҳамкорликда маҳорат дарслари ўтиш ва кадрлар алмашишга келишиб олишди.

 

648