Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида Иқтисодий ислоҳотларни таҳлил қилиш ва коммуникация маркази  вакиллари (Озарбайжон) билан учрашув бўлиб ўтди




Айни вақтда пойтахтимизда бошланган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида ўтказилган учрашувда  транспорт- логистика, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги давлатларнинг бир-бирига ўзаро боғлиқ жиҳатлари, келгусидаги ҳамкорлик, стратегик ривожланишнинг 2030 йилга мўлжалланган истиқболлари муҳокама қилинди.    

 Учрашувда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директор ўринбосари З. Халдаров меҳмонларга  юртимизда амалга оишрилаётган ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги ислоҳотлар халқаро рейтингларда юқори баҳоланаётгани, аҳолини бандлигини таъминлаш,  камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоялаш, инсон капиталини ривожлантириш борасида институтда олиб борилаётган  истиқболдаги прогнозлар ҳақида сўзлаб берди.

 Озарбайжон иқтисодий ислоҳотларни таҳлил қилиш ва коммуникация маркази ижрочи директори Вюсал Гасымлы пандемиядан кейинги  даврда иқтисодиёт динамикаси ва тизимни қўллаб-қувватлаш натижасида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб, кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

     –Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк вазифасини ўтаётган “Буюк Ипак Йўли”да жойлашган муҳим давлатлардан бири, — деди В. Гасымлы.– Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларида ҳам транспорт-коммуникация лойиҳаларига алоҳида эътибор берилади. Бу жараёнда  Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик жуда муҳим.

    Қайд этиш керакки, ушбу марказ Озарбайжоннинг иқтисодий тараққиётга асосланган стратегиясини таҳлил қилиш ва самарали қўлланишини таъминлаш билан бир вақтда ислоҳотларнинг оқибатлари, давлат ва хусусий секторлар ўртасидаги ўзаро ишончни ривожлантириш тенденцияларини аниқлаштириш, турли давлат органларига таҳлил, тадқиқот ва сўровлар ўтказиб бериш билан шуғулланади.

   Учрашув якунида томонлар  яқин кунларда  ҳамкорлик доирасида онлайн вебинар-семинарлар ташкил этиш, микроиқтисодий  тадқиқотлар натижасида олинган таҳлилий маълумотларни таҳлил қилишда ҳамкорлик қилиш масаласида келишиб олди.

275