Бобурийлар солиқ сиёсатининг мазмуни ва аҳамияти

     Кичик сонли қўшин билан ўзидан аҳолиси сони ва ҳудуди жуда катта юртни босиб олиб, унда бир неча аср давомида ҳукмронлик қилиш ҳолатлари инсоният тарихида кам учрайди. Тарихдан маълумки,  маҳаллий халқ киндик қони томган заминни ўзгалар босиб олганлигига узоқ чидай олмайди ва аксарият ҳолларда келгиндиларни ўз юртидан тезда ҳайдаб чиқаради. Лекин четдан келган подшолар маҳаллий ҳокимларга нисбатан барча жабҳаларда  адолатли бўлганликлари туфайли тарихда ўз ҳукмрон табақаларидан босқинчиларни афзал кўришган ҳолатлар ҳам бор. Бунга ёрқин мисоллардан бири Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Буюк Бобур ва бобурийлар салтанати ҳисобланади. Мазкур сулола Ҳиндистон заминида ўта узоқ муддат (1526-1858 йиллар), яъни 332 йил ҳукмронлик қилди. Ҳиндлар боболаримиздан ҳокимиятни қайтиб олишолмади. Бунинг сабаблари кўп ва улар олимлар  томонидан етарли даражада ўрганилган. Лекин бобурийлар сулоласининг  Ҳиндистондай катта салтанатдаги ҳукмронлиги узоқ ва муваффақиятли давом этганлигида улар ҳинд халқи учун яратган адолатли солиқ сиёсатининг аҳамияти ҳам катта бўлганлигини кўпчилик билмайди. Мазкур мақола фандаги ана шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида ёзилган, яъни унда Буюк Бобурийлар салтанати солиқ сиёсатининг мазмуни ва унинг мамлакат ижтимоий – иқтисодий ривожланишидаги аҳамияти ҳақида фикр юритилади.

     Ҳиндистонни бобурийлар сулоласидан бошқа бир давлат, яъни Буюк Британия тортиб олди. Лекин ўзбеклардан фарқли ўлароқ, инглизларнинг бу заминдаги ҳукмронлиги бир асрга ҳам етмади, ҳиндлар уларнинг зулмига чидай олмай,  босқинчиларни ўз юртларидан ҳайдаб чиқаришди. Чунки инглизлар ҳинд халқига бобурийлар яратган адолатни бера олишмади, аксинча, уни йўқ қилишди, бутун бойликларини эса  ўз юртларига ташиб кетишди...

     Тан олиш керакки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларига нисбатан ҳам маҳаллий халқлар кўп қаршилик қилишган, қўзғолонлар, исёнлар уюштиришган. Урушларда ҳиндистонликлар устун келган ва ҳокимиятни қўлга киритган вақтлар ҳам бўлган. Лекин булар ҳаммаси вақтинча бўлиб, охир-оқибат давлат яна бобурийлар қўлига ўтаверган. Юқорида қайд этдимки, бундай бўлишининг сабаблари кўп. Бобурийлар томонидан ерли халқнинг динини, тилини, қадриятларини, маданиятини, урф-одатларини ҳурмат қилиш, уларга ўзлари асрлар давомида шаклланган удумларга мувофиқ  яшашга имкон бериш, мамлакат ҳудудида истиқомат қилувчи барча халқларнинг миллати, эътиқодидан қатъий назар тенг мақомга эга бўлишини таъминлаш,  халқ учун ўз рожаларига қараганда адолатлироқ иқтисодий шароит яратиб бериш ерли халқнинг манфаатларига мос келган.  Шунинг учун ҳиндистонликлар бу сулоладан ҳокимиятни қайтиб олишга кўп ҳаракатлар қилишган бўлса-да, лекин, менинг назаримда, бунинг учун жонларини фидо қилишни унчалик исташмаган.  Агар ҳиндлар ҳақиқатдан ҳам шуни хоҳлашганда, уларга сони ўзларидан бир неча юз баравар кам бўлган ўзбекларни юртларидан ҳайдаб чиқариш унчалик қийинчилик туғдирмаган бўларди, деб ўйлайман.

     Кўпчилик учун маълум бир ҳақиқат бор, яъни ҳамма замонларда, айниқса, ўрта асрларда давлат ва инсон ҳаётида солиқларнинг аҳамияти жуда катта бўлган. Иқтисодиётнинг ўта муҳим бўлаги ҳисобланмиш солиқлар  ҳамманинг, ҳукмдорнинг ҳам, солиқ тўловчи бою-камбағалнинг ҳам  ҳамиша  бошини қотирган. Аҳоли учун солиқ “Ё - ҳаёт! “Ё – мамот!” масаласи ҳисобланган. Негаки, у замонларда солиқ миқдори баланд бўлса, солиқчилар аҳоли йил давомида ишлаб топган даромадини солиққа тортиб олиши ва яшашга моддий имконияти қолмаган бечоралар  оч қолиб ўлиши оддий ҳол  бўлган.

     Шу боис Бобур ва унинг авлодлари Ҳиндистонда адолатли солиқ сиёсати олиб бориш зарурлигини тўғри тушунишган ва бунга эришиш учун жуда катта ислоҳотлар ўтказишган. Бунинг учун, Бобур, энг аввало, солиқ сиёсатининг назарий масалаларини ишлаб чиққан. Чунки Бобур Ҳиндистонни қўлга кирита бошлаган пайтдаёқ тушунганки, бу юртда солиқ сиёсатини бошқарадиган аниқ бир тартибнинг ўзи бўлмаган. Бу ҳар бир рожанинг ўз иши бўлган. Ана шундай шароитда Бобур солиқ сиёсати ва солиқни йиғиб олишнинг исломий қоидаларга мувофиқ бўлган адолатли тартиботини яратган.

     Буюк бобомизнинг солиқ соҳасидаги фикрлари унинг “Бобурнома” [1] ва “Мубайян” [2] асарларида  баён этилган. У солиқларнинг моҳиятини, уларнинг давлат ва жамият ҳаётига ўта кучли таъсир ўтказишини яхши билган. Шунинг учун ҳам унинг солиқ сиёсати адолатли ва кенг халқ оммаси учун мўътадил бўлган.

     Жаҳон сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маънавий тафаккурининг нодир дурдоналаридан бири бўлмиш “Бобурнома” қомусий характерга эга кенг қамровли асар ҳисобланади. Мазкур китобда муаллиф давлатни бошқариш, давлат хазинасини ташкил этиш, солиқлар, олинаётган солиқларни даромадлар миқдорига боғлаш, халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда хорижий савдогарларга солиқлар соҳасида имтиёзлар бериш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор берган.

     Бобурнинг “Мубайян” асари “Иймон-эътиқод”, “Намоз”, “Закот” (Бобурда  у “Китоб уз-закот” деб номланган), “Рўза” ва “Ҳаж” деб номланган 5 та китобдан иборат. “Закот китоби”да закот шартлари, закот бериладиган моллар, нақдина, чорва ва тижорат молларининг закоти, закот фарзлари, закот бериладиган шахслар, закот бериш дуруст бўлмаган кишилар, ушр ва хирожга доир барча масалалар бўйича аниқ тавсиялар берилган.[3]

     Бобурнинг нақадар буюклигидан гувоҳлик берувчи яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Яъни “Мубайян” асарини Ҳазрат Бобур шеърий усулда ёзган. Ўта солиқлардек ўта мураккаб соҳа бўйича фикрларини шеър билан баён этиш учун шахс қанчалик талантли ва юксак салоҳиятли бўлишини тасаввур қилиш ҳам қийин.

     Бобурнинг молия ва солиқ соҳасидаги хизматлари бу борадаги назарий масалаларни тадқиқ этиш билан чекланиб қолмаган. Тасаввур қилинг: Бобур Ҳиндистон учун ўзи яратган молия ва солиқ тизимларнинг назарий асосларини ўзи  амалиётга жорий этган! Бу Бобурнинг қанчалик буюк ва кенг қамровли шахс эканлигини кўрсатувчи ёрқин мисоллардан бири ҳисобланади.

     Бобур давлати барпо этилгунга қадар Ҳиндистон ҳудудида ҳукм сурган ўнлаб катта-кичик давлатларнинг  хазинани ташкил этиш, унинг даромад-ларидан фойдаланиш, солиқ сиёсати, солиқ тизими, солиқлар турлари ва уларни аҳолидан йиғиб олиш тартиботи бир - биридан кескин фарқ қилган. Ҳар бир рожаликнинг ўз солиқ сиёсати бўлган. Солиқларнинг турлари кўплиги, уларни йиғиб олишнинг тартиби қатъий эмаслиги ва солиқ миқдори жуда катта эканлигидан аҳоли қаттиқ қийналган.[4]

     Бобур Ҳиндистонда давлат хазинасини адолат тамойиллари асосида ташкил этиш бўйича кенг қамровли солиқ ислоҳоти ўтказган, бутун давлат миқёсида ягона солиқ тизимини яратиб, солиқлар миқдорини сезиларли даражада камайтирган. Авваллар ҳар бир рожанинг ўз қоидалари бўйича йиғиладиган солиқ ва йиғимлар Бобур даврида ягона исломий қоида ва тартибот асосида олинадиган бўлган.

     Яъни Бобур ўз давлати ҳудудида ягона солиқ тизими ва бир хил солиққа тортиш тартибини жорий этган, солиққа тортишнинг муҳим манбаи бўлган экин ери майдонини ўлчаш тизимини такомиллаштирган ва аниқлаштирган.

     Бобур салтанатида қуйидаги солиқ ва йиғимлар мавжуд бўлган - ер солиғи, савдо(тамға) солиғи, закот (мусулмонлар учун), жизъя (мусулмон бўлмаган аҳоли учун), ўлпон тўловлари, туз солиғи, урушлардан олинадиган ўлжаларнинг бешдан бир қисми, танга зарб қилиш, мусодара қилинган эгасиз мол-мулк ва совғалар[5].

     Булардан ташқари маҳаллий эҳтиёжлар учун ишлатиладиган солиқлар ҳам мавжуд бўлиб, уларни маҳаллий ҳокимият йиғиб олган (мазкур солиқлар “аҳбоб” деб аталган)[6].

     Бобур камбағал аҳолига солиқлар бўйича катта имтиёзлар берган. Бунинг учун солиқлар миқдори енгиллаштирилган ҳамда солиқларнинг маълум қисмини бой-бадавлатлар давлатга эмас, бева-бечораларга беришган. Масалан, исломий қоидага кўра, “закот” солиғи муҳтож оилаларга тарқатилган. Бобур мусулмонлардан олинадиган “тамға” солиғини бекор қилган.

     Бобурнинг давлатни бошқариш ва  иқтисодиёт соҳасидаги  фармон ва ҳукмлари Ҳиндистон иқтисодиётини ривожлантириш ва молиявий ҳамда ҳарбий аҳволини яхшилашга улкан ҳисса қўшган. Бобур халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш давлатнинг иқтисодий қудратини оширишнинг муҳим омили эканлигини яхши тушунган. Унинг бу хусусдаги қарашлари ҳам “Бобурнома”да атрофлича баён этилган.

     Шу боис савдогарларга катта енгиллик ва имтиёзлар берилган. Савдо аҳлидан олинадиган солиқ ва йиғимлар миқдори мўътадил, адолатли ва ошкора бўлган. Сотиладиган маҳсулотлар миқдорининг ошиши солиқлар ҳиссасининг камайишига олиб келган ва савдо ривожига катта ижобий таъсир кўрсатган.

     Хорижий савдогарларга бир қатор енгилликлар берилган. Агар савдогарлар ислом давлатларидан келган бўлсалар, даромадларининг 5 фоизи миқдорида солиқ тўлашган. Номусулмон давлатлардан келган савдогарлар эса ўз юртларида мусулмон савдогарлардан олинадиган миқдорда солиқ тўлашган.

     Бобурнинг солиқ соҳасида бошлаган ислоҳотларини унинг невараси Буюк Акбар (1556-1605 йиллар) охирига етказган. У салтанатнинг барча халқларига нисбатан бир хил ва адолатли солиқ сиёсатини яратган. Акбар амалга оширган солиқ ислоҳоти натижасида ягона солиқ идоралари тизими ҳамда солиқларни тўғри ҳисоблаш мақсадида бир хил оғирлик ва миқдор ўлчов тартиби жорий этилган. У мусулмон бўлмаган аҳоли тўлайдиган “жизья” солиғи ва “жон солиғи”ни бекор қилган. Аввал натура шаклида олинган ва миқдори ҳосилнинг учдан бир қисмига тенг бўлган ер солиғини пул шаклида йиғиш тизимига ўтказган. Бу тадбирнинг аҳамияти жуда катта бўлган. Негаки, эндиликда солиқ тўлаш учун деҳқон маҳсулотини бозорда сотиши шарт бўлган. Бу эса ўз навбатида Ҳиндистонда товар-пул муносабатлари кескин ривожланишига ва иқтисодий ўсиш суръатларининг ошишига иқтисодий замин яратган.

     Вазифалари аниқ белгилаб қўйилган ягона солиқ идоралари тизимининг яратилиши, солиқларни пул шаклида йиғишнинг жорий этилиши, солиқ йиғимлари миқдорининг аниқлиги, ҳисоб-китобларнинг пухталиги солиқчиларнинг бошбошдоқлигига чек қўйган. Бу тадбирлар солиқ йиғувчилар солиқларни ўғирлашига монелик қиладиган тизим яратишга асос бўлиб хизмат қилган. Аҳоли учун бу тадбирларнинг аҳамияти беқиёс бўлган. Негаки, авваллари, яъни юртларида ўз рожалари ҳукмронлик қилган даврларда, солиқ йиғувчиларнинг тартибсизликлари, солиқни белгиланган миқдордан кўп олиш, бир қисмини ўғирлаб қолиш ҳолатлари кўп юз берар ва бундан халқ қаттиқ азият чекарди.

     У даврларда дунёнинг аксарият давлатлари иқтисодиётида деҳқончиликнинг ўрни жуда катта бўлган. Ҳиндистонда ҳам зироатчилик аҳолини боқадиган асосий манба бўлган. Лекин деҳқончилик жуда нозик ва олинажак ҳосил миқдори об-ҳавога боғлиқ бўлганлиги учун ҳосил баъзан етарли, айрим ҳолларда эса эҳтиёждан анча кам бўлиши оддий ҳол эди. Шу боис Буюк Акбар ҳосил яхши бўлмаган ва очарчилик даврида солиқ олмаслик имтиёзини жорий этган, муҳтож аҳолига зарур ҳолларда пул ва ғалла билан қарз бериш тартибини амалиётга киритган.

     Ҳиндистон иқтисодиётини юксалтириш соҳасидаги кенг қамровли тадбирлар ва, айниқса, адолатли солиқ сиёсатини яратиш туфайли бобурийлар Ҳиндистон тарихида энг қудратли ва энг буюк салтанатни барпо этишган. Йирик ва обод шаҳарлар қуришган. Уларнинг аксарияти шу кунга қадар Ҳиндистонга кўрк бағишлаб турибди. Буюк сулола вакиллари барпо этган гўзалликда тенги йўқ саройлар, масжидлар, турли иншоот ва бинолар жаҳондан миллионлаб туристларни Ҳиндистонга жалб этиб келмоқда, боболаримиз барпо этган  “Тож Маҳал” эса дунёнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланади. Улар маданият, фан ва санъатни шу даражада ривожлантиришганки, натижада Ҳиндистон бобурийлар даврида жаҳон цивилизациясининг энг йирик марказларидан бири мақомини янада юксалтирган.

     Ҳинд халқининг буюк вакилларидан бири бўлмиш Жавоҳарлаъл Неру таъбири билан айтганда, “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди. ...Бобурнинг ҳинд халқига қилган энг катта хизмати шуки – у халқимизнинг руҳий-маънавий оламини кенгайтириб, уларни ўз кулбаларидан ташқарига қарашга, дунёнинг нақадар катта эканини англашга мажбур қилди”[7].

     Ўз даврининг энг ривожланган ва қудратли иқтисодиётларидан бирини яратиш, буюклиги жиҳатдан жаҳон тамаддунининг фахрига айланган гўзал шаҳар ва иншоотларни барпо этиш, фан, санъат, адабиёт ва маданиятни ўз даврининг энг илғор даражасига олиб чиқиш жуда катта миқдорда пул маблағлари бўлишини тақозо этарди. Талаб этилган ҳажмдаги молиявий ресурсларни йиға олишда бобурийлар яратган адолатли солиқ сиёсати жуда катта рол ўйнаган. Улар ҳиндлардан йиққан солиқларни бошқа жойга ташиб кетишмаган, шу юрт ободончилиги учун сарфлашган. Буюк сулола тарқоқ, катта-кичик ўнлаб рожаликларни марказлашган ягона  салтанатга бирлаштириб, мамлакат учун яхлит ва адолатли солиқ тизимини ярат-ганликларининг яна битта ўта муҳим аҳамияти бўлган. Яъни бундай солиқ тизими бобурийлар сулоласининг Ҳиндистондай катта давлатни 332 йил мобайнида бошқаришларида иқтисодий таянч бўлиб хизмат қилган.

     Буюк сулола яратган адолатли солиқ сиёсатининг моҳияти ва мазмуни айни кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бобурийлар давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва халқнинг турмуш даражасини ошириш учун солиқ сиёсати адолатли ва мўътадил бўлиши шарт эканлигини исботлаб беришди. Шу боис улар яратган солиқ сиёсатининг назарий ва амалий асосларидан, хулоса ва тавсияларидан бугун ҳам фойдаланиш мумкин, деб ҳисоблайман.

Одил Олимжонов,

иқтисодиёт фанлари доктори,  профессор

 

 

АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

 

1.З.М. Бобур. “Бобурнома”.- Т.: Юлдузча, 1989.- 368 б.
2. “Мубайян” ва насрий баёни. “Рисолаи Волидиййа” асари назмий таржимаси ва шарҳи. Насрий баён ва шарҳлар муаллифи М.Кенжабек; масъул муҳаррир А.Мансур; - Т.: “SHARQ”, 2014 . 448 бет.

3. З.М. Бобур. “Бобурнома”.- Т.: Юлдузча, 1989.- 368 б. “Мубайян” ва насрий баёни, “Рисолаи Волидиййа” асари назмий таржимаси ва шарҳи. Насрий баён ва шарҳлар муаллифи М.Кенжабек; масъул муҳаррир А.Мансур; - Т.: “SHARQ”, 2014 . 236- 237-бетлар.

4. А. Раззоқов.Иқтисодий тафаккур сарчашмалари. –Т.: Ўзбекистон, 2011. 164-171-бетлар.

5. Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси (қайта ишланган иккинчи нашр). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. Бош муҳаррир: А.Аъзамов. – Т.: “Sharq” НМАК Бош таҳририяти, 2017. О.Олимжонов. 120–бет.

6. Ўша ерда. О.Олимжонов. 120-бет.             

7. Жавоҳарлаъл Неру “Дунё тарихига назар” асаридан. Рус тилидан Исажон Султон таржимаси. “Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 10-сон.

139