“ОДАМЛАРГА ПУЛ ТАРҚАТИШ ОРҚАЛИ КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИБ БЎЛМАЙДИ!”

26 сентябрь куни Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро пресс клубда Ўзбекистон Республикасининг камбағалликка қарши кураш сиёсати масалалари бўйича брифинг ўтказди [1].
Қўчқоров таъкидладики, коронавирус пандемияси шароитида юртимизда дастлаб апрель — июнь ойларида ҳукумат, асосан,  ишлаб чиқариш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаган, август ойидан бошлаб эса аҳолининг кам таъминланган қатламларига кўмак бера бошлаган. Қурбон ҳайитида 182 минг муҳтож одамга ўртача 850-900 минг сўмдан (жами 154 миллиард сўм), кейинроқ 280 минг оилага 220 минг сўмдан пул тарқатилган. Шунингдек, 41 минг нафар тиббиёт ходимларига ҳам ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, Мусулмонлар идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан бу мақсад учун 150 миллиард сўм маблағ ажратилган. Кейинги босқичда 845 минг нафар болалар учун ҳар бирига 500 минг сўмдан жами 422 миллиард сўм ёрдам берилган.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда 2020 йил бошида 552 мингта кам таъминланган оилаларга ойлик ижтимоий тўловлар тўлангани, июлда бу рақам 876 мингтани ташкил этгани, йил охиригача уларнинг сони 1,2 миллионга етиши режалаштирилганини хабар қилди.
Жамшид Қўчқоров: “Ўзбекистонда тахминан 8 миллионта оила борлиги ҳисобга олинса, уларнинг 15 фоизи декабргача ижтимоий нафақалар олади. Масалан, Қорақалпоғистонда ҳар тўртинчи оила давлатдан ижтимоий тўлов олади, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳар бешинчи оилага ижтимоий нафақа тўланади”, деб таъкидлаган.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда ҳозирга қадар камбағалликка қарши курашда асосан аҳолининг муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш усулидан фойдаланилмоқда. Карантин чекловлари туфайли бундай моддий кўмак кўламлари ва миқдорлари мажбурий равишда янада кенгайди.
Тан олиш керакки, муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш жараёнида айрим хато ва камчиликлар ҳам юз берди. Масалан, ёрдам олиши керак бўлган оилаларнинг рўйхати аниқланадиган “темир дафтар”ни тузиш ва маблағларни тақсимлашда айрим маҳалла қўмиталари томонидан коррупцияга йўл қўйиш ҳолатлари юз берди. Баъзи бир блогерлар Ўзбекистонда  моддий ёрдам пули миқдори кам, амалдорлар оддий халққа нисбатан анча фаровон яшайди, деб иддаолар ҳам қилишди. Бунда блогерлар айрим бой давлатларда аҳолига кўрсатилган ёрдам миқдорининг катта эканлиги тўғрисидаги баъзан тўғри, кўп ҳолатларда эса интернет сайтларидаги ёлғон маълумотлардан кенг фойдаланишди. Билими, савияси юқори бўлган ва шу туфайли жамиятга фойдаси кўпроқ тегаётган амалдорлар дунёнинг аксарият давлатларида оддий халққа нисбатан яхшироқ яшаши бозор иқтисодиётида оддий ҳол эканлигини бу блогерлар гўё “унутиб қўйишади”.
Камбағалликни камайтириш мақсадида муҳтож қатламларга моддий ёрдам кўрсатиш усулининг камчиликлари ҳам бор. Бу ҳақида жуда кўп ёзилганлиги учун уларни яна бир бор такрорлаб ўтирмоқчи эмасман. Бу ўринда унинг камчиликларидан биттаси ҳақида фикр юритмоқчиман. Халқимизда “қўлдан берганга қуш тўймас”, деган чуқур маъноли гап бор. Чунки инсонга ҳар қанча пул берсангиз ҳам уни тезда еб тугатади. Ва унга яна пул бериш керак. Бу жараён тўхтовсиз давом этавериши мумкин.
Шу туфайли брифингда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров мамлакатимизда камбағалликка қарши кураш сиёсатининг мазмуни ва шаклларини ўзгартириш зарурлиги ҳақида жуда муҳим фикр айтди. Яъни, унинг таъкидлашича, “камбағалликни одамларга пул тарқатиш орқали қисқартириб бўлмайди. Камбағалликни қисқартирадиган омиллар бу — иқтисодиёт, тадбиркорлик, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ривожланишини таъминлаш ҳисобланади”. Яъни муҳтож одамга “балиқ бериш эмас, балки  балиқ тутиш учун қармоқ бериш” тамойили тўғрироқ бўлади.
Муҳтож одамга пул бериш ўрнига уни иш билан таъминлаш усули билан камбағалликни камайтириш усулидан фойдаланиш юртимизда аллақачон бошлаб юборилди. Аввало, шу йилнинг бошида Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг юртимизда камбағаллик бор эканлигини эътироф этганлиги бу борада инқилобий ўзгаришларни бошлаб берди. Гўё шу йилга қадар Ўзбекистонда камбағал йўқ эди!
Иқтисодий мажмуанинг энг муҳим вазирликларидан бири бўлмиш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига айлантирилди. Натижада камбағалликни камайтириш бу вазирликнинг энг муҳим функцияларидан бирига айланди. Мазкур вазирлик ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таркибида Ўзбекистонда Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ўрганиш илмий маркази ташкил этилди. Мазкур илмий марказ камбағалликни қисқартириш масаласида илмий-услубий ва илмий-тадқиқот ишлари базасини такомиллаштириш, вилоят, туман ва шаҳарлар учун камбағалликни камайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаларини бажаради. Мазкур илмий марказнинг мен ишлайдиган Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таркибида ташкил этилганлиги менинг ҳам бу ташкилот фаолиятида камбағалликни қисқартириш бўйича илмий ва амалий ишларда қатнашиб, муаммонинг ечимига муайян даражада ҳисса қўшиш имконини беришидан мамнунман.
Мамлакатимизда шу йилнинг 8 ойи мобайнида 826 минг янги иш ўринлари яратилди [2]. Жумладан, 198,9 минг киши доимий ишга, 480 минг киши ҳақ тўланадиган ижтимоий ишларга жалб этилди. 18,2 минг киши қишлоқ хўжалиги кооперативларида иш билан таъминланди, 28,7 минг киши томорқа хўжаликларини юритиш ёки кичик ҳажмли иссиқхоналар қуриш учун субсидиялар билан таъминланди.
Хулоса қилиб айтганда, 2020 йил мамлакатимизда камбағаллик мавжуд эканлигини тан олиш ва уни камайтириш борасида туб ўзгаришлар бошланган йил сифатида ҳам тарихга киради. Давлатимиз бу борада жуда катта тадбирларни бошлаб юборди. 8 ойда рекорд миқдорда, яъни 826 минг янги иш ўрни яратилганлиги сўзимизнинг яққол исботидир! Демак, камбағалликни камайтириш бўйича бошланган ислоҳотлар ўзининг илк ва залворли натижаларини бера бошлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йили бошлаган янги иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим мақсадларидан бири 34 миллионлик халқимизнинг барчасига бой-бадавлат ва фаровон яшаш учун шароит яратиб бериш ҳисобланади. Зеро, халқимиз яхши яшашга ҳақли ва муносиб! Бунинг учун юртимизда барча имкониятлар мавжуд. Улардан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш ўзини шу юртнинг фарзанди ҳисоблайдиган барчанинг, у амалдорми, оддий ишчию — деҳқонми ёки блогерми, хуллас ҳаммамизнинг Ватанимиз олдидаги бурчимиз эканлигини ҳамиша ёдимизда сақлашимиз, бир тан – бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз бу вазифани тезроқ ва талаб даражасида бажарилишини таъминлаши муқаррар!
О. ОЛИМЖОНОВ
Иқтисод фанлари доктори, профессор
[1] https://repost.uz/obrazovaniye-nujno
[2] https://podrobno.uz/cat/obchestvo/za-vosem-mesyatsev-2020-goda-v-uzbekistane-poluchili-rabotu-pochti-826-tysyach-grazhdan/
«Ижтимоий-иқтисодий таҳлил«да нашр этилган
312